Адвокат бу – қайсидир ташкилот ва идоранинг ёки суриштирувчи, терговчи ва суднинг душмани эмас. Адвокат бу – коснтитуциявий ҳимоя ҳуқуқини амалга оширувчи мустақил субъект ҳисобланади. Адвокатнинг асосий функцияси тегишли иш бўйича ўз ҳимояси остидаги шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлган далилларни тўплашдан, адвокатлик сўрови орқали ахборот йиғиб тақдим этишдан, саволлар ва тушунтириш беришдан иборат.
Бироқ, охирги вақтларда кўплаб адвокатлар адвокатлик сўровларига жавоб берилмаётганлигидан, ўз вақтида жавоб ололмаётганлигидан, нотўғри ва тўлиқ бўлмаган жавоблар олаётганлигидан қийналмоқда.
Жумладан, солиқ, банк, кадастр ва бошқа тегишли ташкилотлар эса тижорат сири, солиқ сири, банк сири, шахсга доир маълумотлар ва бошқа шунга ўхшаш сирлар орқасига яшириниб, суд ишларида далил сифатида баҳоланиши шарт бўлган зарур маълумотларни (ахборотни) адвокатга тақдим этишни рад қилиб келишмоқда.
Устига устак адвокатлар айнан адвокатлик сўровлари бўйича адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинганлиги ҳолати бўйича судларга мурожаат қилса, судлар ҳам ҳуқуқбузар тўғрисида тўлиқ маълумотлар йўқлигини важ қилиб аризаларни кўрмасдан қолдирмоқда. Ёки бўлмаса, мажбурий ижро бюроси ходими прокуратура органлари ходими ҳисобланиши сабаб, уларга нисбаттан жавобгарлик чорасини юқори турувчи прокурор ҳал этишини билдириб, аризалар рад қилинмоқда.
Ҳурматли Судлар айтингчи, шахсга доир маълумотларни адвокат қаердан олсин, ким адвокатга шахсга доир маълумотларни тақдим этаяптики, Сиз улардан ҳуқуқбузар тўғрисида тўлиқ маълумот сўраяпсиз? Хўш, адвокат далилларни қайси йўл билан тўпласин? Биласизми, ҳозирда адвокатни кимга ўхшатиш мумкин, «Атом бомбасига эга катта қўшинга қарши кетмон билан жанг қилаётган меҳнаткаш деҳқонга».
«Адвокатура тўғрисида» ги қонуннинг 6-моддасига кўра, адвокат:
– терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни ўтказиш ва ишни судда кўриб чиқиш чоғида ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётган органларда ва бошқа ваколатли органларда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши, шунингдек албатта баҳоланиши лозим бўлган далилларни тўплаш ва тақдим этиш;
– юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан адвокат томонидан сўралган ҳужжатларни ёки уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини қонунчиликда белгиланган тартибда бериши шарт бўлган давлат органлари ва бошқа органлардан, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ҳамда бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
«Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонунда адвокатга агар жиноят ишини юритишда, шунингдек фуқаролик ишини, иқтисодий ишни ёки маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни кўриш ва ҳал этишда ҳимояни ёки вакилликни амалга ошириш зарурияти тақозо этса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сир ҳисобланган маълумот билан қонунчиликда назарда тутилган тартибда танишиш ваколати берилган.
Бироқ, қонунчиликда адвокатнинг ушбу ҳуқуқларини бузган ҳамда ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қилган шахсга нисбаттан жавобгарлик кескин эмас.
Судлар қонун ва адолат посбони! Уларга ҳам далиллар ва иш учун муҳим ҳисобланган маълумотлар зарур. Ҳеч қайси судья эрталаб ишга келаётганида «Мен бугун адолатсиз қарор чиқаришим керак» деб мақсад қўймайди.
Тижорат, банк, солиқ ва маълум бир ишга дахлдор бўлган бошқа сирлар адвокатга ҳам маълум қилиниши керак. Акс ҳолда, айрим сирлар адолатни қарор топтиришга тўсиқ бўлади.
Таклиф сифатида қуйидагилар инобатга олинса, адвокатура соҳасидаги бир қанча муаммолар ва тўсиқлар ўз ечимини топган бўлар эди:
Биринчидан – тижорат, банк, солиқ ва маълум бир ишга дахлдор бўлган бошқа сирларни адвокатга тақдим этиш ва таништиришга рухсат берилиши лозим;
Иккинчидан – адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима жазо қўлланилиши лозим.
Маълумот учун: ўзининг ер участкасида кичкина вақтинчалик иншоот қурган шахслар кадастр ташкилоти томонидан ҳозирда 150 000 000 сўм жаримага тортилмоқда.
Адвокатларлик фаолиятига тўсқинлик қилиб келаётган айрим шахслар шуни билиши керакки, Сиз бермаган ахборот (маълумот, ҳужжат) оқибатида адолатсиз қарор чиқарилиши мумкин. Бу адолатсизлик учун айнан сиз яратганнинг олдида жавоб беришдан қўрқинг!
Хулоса, адолатни хохлаймизми ёки адолатсизликни, барчанинг ўз виждонига хавола.
Халқаро «Legal 500» рейтингига эга «Veritas Inter Lex» адвокатлик фирмаси раҳбари, адвокат Ҳасанов Акмал Деҳқонович


